Нефть ва газ соҳасига киритилувчи инвестициялар ҳажми икки баробар ортади


24.05.2017

2021 йилга қадар Ўзбекистон нефть-газ соҳасида 30,4 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширади.

Ўзбекистон 2021 йилга қадар нефть-газ соҳасида умумий ҳажми 30,4 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни Тошкентда очилган Global Oil&Gas Uzbekistan 2017 халқаро кўргазмасида сўз борди.

2016 — 2020 йилларда умумий қиймати 30,4 млрд долларлик углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида ташқи бозорларда талаб қилинадиган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган дастур нефть-газ соҳасини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича 78 та лойиҳани ўз ичига олади.

Йирик лойиҳалар қаторида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида Сурхондарё вилоятида қиймати 5,8 млрд доллар бўлган газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишини ўз ичига олган қўшимча разведка ва қазиб олиш ишлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси базасида 3,7 млрд долларга синтетик ёнилғи (GTL) ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида 2,2 млрд долларга янги нефтни қайта ишлаш заводини бунёд этиш ўрин олган.

«Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 15 турдаги янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кутилмоқда. Улар — поливинилхлорид, АБС-пластик, синтетик каучук, ароматик углеводородлар, суперабсорбент», — деди «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Алишер Султанов кўргазма доирасида ташкил этилган конференция очилишида.