Хитой Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиряпти


12.02.2018

2018 йил 1 февралда «Ўзбекнефтгаз» АЖда бўлиб ўтган Ўзбекистон нефт-газ тармоғи вакиллари ва «Shenergy Company Limited» компанияси (ХХР) мутахассисларининг учрашувида икки томонлама ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли алоқалар муҳокама қилинди. 

«Shenergy Company Limited» компаниясининг учрашувдан кўзлаган мақсади – Ўзбекистонда газ конларини излаб топишга қаратилган геологик қидирув ишларига оид лойиҳаларда қатнашишдан иборат. Компаниянинг асосий мақсади – инвестициялар, қурилиш ва энергетика объектларини бошқариш, геологик қидирув ишлари, газ, газ конденсати ва нефтни қазиб чиқариш, транспортировка қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги поғонага кўтарилганлиги ва икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун ўзаро англашув Меморандумини имзолаш режалаштирилаётганлигини таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек учрашув чоғида мазкур компания томонидан Ўзбекистон ҳудудида қазиб чиқарилаётган газни транспортировка қилиш учун «Ўзбекистон-Хитой» газ қувуридан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга Хитой вакиллари «Shenergy Company Limited» компаниясининг газ таъминоти соҳасидаги тажрибаси, унинг саноат объектларининг имкониятларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистондан ишчи гуруҳни Хитойга юборишни таклиф қилдилар.

ung.uz