22.01.2018

Янги 2018 йил нафақат Ўзбекистон нефтгаз тармоғи, балки бутун мамлакат учун ҳам муҳим воқеадан бошланди. Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида жойлашган Қуйи Сурғил майдонида газ конденсатининг янги йирик захираларини очишга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2755-сонли "Ўзбекистон Республикасининг нефть ва газга бой Устюрт минтақасида геологик қидирув ишларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори ушбу конни разведка қилишга янги туртки берди. Шунга мувофиқ «Ўзбекгеофизика» Акциядорлик жамияти мутахассислари Устюрт платосида углеводородларни қидириш ишларини кенгайтирди.

Устюрт заминининг шароитлари жуда мураккаб. Қишда совуқ шамол, ёзда эса қуёш нурлари остида жазирама иссиқ кузатилади, боз устига сув йўқлиги бу ҳудудни яшаш учун яроқсиз қилади. Бироқ ушбу унумсиз ерларга келган тадқиқотчи-геологлар бу заминда углеводородлар конлари, ҳақиқий "зангори олтин"дан иборат табиий бойликларни кашф этишга муваффақ бўлдилар.

Минтақадаги оғир шароитлар ва ҳаво ҳарорати тез-тез ўзгариб туришига қарамасдан, мутахассислар 1-сонли бурғилаш минорасини ўрнатдилар ва биринчи қудуқни очишга киришдилар. Юртимиз тадқиқотчи-геологларининг тахминлари тасдиқланди — қудуқдан илк табиий газ чиқа бошлади.

Ўтказилган кон-геофизика ишлари туфайли 2018 йил январь ойи бошларида 3 600 метр чуқурликда газ ва конденсатнинг саноат ҳамжамларидаги захираларини топишга эришилди.

Сурғил кони мамлакат нефтгаз саноатини ривожлантириш дастурида яқин истиқбол учун муҳим вазифалардан бирига айланди. Уни очиш ва фойдаланишга топшириш қимматбаҳо ресурсларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш, тармоқ инфратузилмасини янада кенгайтиришга қаратилган.

Яқин вақтларда мутахассислар томонидан углеводородлар захиралари ўсишини баҳолаш ишлари бажарилади ва Қуйи Сурғил конида геологик қидирув ишларнинг янги йўналишлари юзасидан самарали таклифлар тайёрланади.

ung.uz