«КазМунайГаз» Россия нефтининг Ўзбекистонга транзит қилинишини таъминлайди
«Ўзбекнефтгаз» ва «КазМунайГаз» Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш тўғрисида келишиб олди.
«Ўзбекнефтгаз» (Ўзбекистон) ва «КазМунайГаз» (Қозоғистон) компаниялари нефтгаз соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабар қилди. Ҳужжат 23 март куни Ўзбекистон Президентининг Остонага давлат ташрифи доирасида имзоланди.
«КазМунайГаз» сайтида маълум қилинишича, компаниялар ўртасида Россия нефтини Ўзбекистонга етказиб бериш тўғрисидаги келишувга эришилган.
Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш саноатини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар доирасида «КазТрансОйл» нефть қувурлари тизимини Ўзбекистон йўналишида реконструкция қилиш ва кенгайтириш имкониятлари ўрганилди.
«КазМунайГаз» «Ўзбекнефтгаз"га мавжуд нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларда кўмак кўрсатиб, Ўзбекистондаги янги НҚЗ қурилишида техник ёрдам бериш имкониятларини кўриб чиқади.
Томонлар углеводород хом ашёсини қазиб олиш ва разведка соҳасида ҳамкорлик қилиш, минтақа мамлакатларида нефть маҳсулотлари маркетингини ривожлантириш ҳамда «КазМунайГаз» логистик инфратузилмаларидан фойдаланган ҳолда «Ўзбекнефтгаз» нефть маҳсулотларини ташқи бозорда сотишда ҳамкорликни амалга оширишга келишиб олишди.
Остонада, шунингдек, Ўзбекнефтгаз" ва Қозоғистон Энергетика вазирлиги ўртасида нефтгаз саноати соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум ҳам имзоланди.